# 31. Исо сувнинг устида юради ![Frame 31-01](https://cdn.door43.org/obs/jpg/360px/obs-en-31-01.jpg) Исо оломонни овқатлантирганидан сўнг, шогирдларига қайиққа ўтириб, кўлнинг у қирғоғига сузиб ўтишни буюрди ва одамларни уйларига қўйиб юборди, Ўзи эса ибодат қилиш учун тоққа кўтарилди. У ерда ёлғиз қолиб, тунгача ибодат қилди. ![Frame 31-02](https://cdn.door43.org/obs/jpg/360px/obs-en-31-02.jpg) Шу вақтда шогирдлар қайиқда сузиб кетардилар. Қарши шамол эсгани туфайли, улар ярим кечагача атиги кўлнинг ўртасига етиб бордилар. ![Frame 31-03](https://cdn.door43.org/obs/jpg/360px/obs-en-31-03.jpg) Шу орада Исо ибодатни якунлаб, шогирдлари томон йўл олди. У сув устида юриб, қайиққа яқинлашарди. ![Frame 31-04](https://cdn.door43.org/obs/jpg/360px/obs-en-31-04.jpg) Шогирдлар Уни кўриб, қўрқиб кетдилар, чунки Уни арвоҳ деб ўйладилар. Исо уларнинг қўрққанини кўрди ва шунинг учун уларга шундай деди: “Қўрқманглар. Бу Мен!” ![Frame 31-05](https://cdn.door43.org/obs/jpg/360px/obs-en-31-05.jpg) Шунда Бутрус Исога деди: “Устоз, агар бу Сен бўлсанг, менга сув устида юриб, Сенинг олдинга келишни буюр”. Исо Бутрусга: “Кел!” — деди. ![Frame 31-06](https://cdn.door43.org/obs/jpg/360px/obs-en-31-06.jpg) Бутрус қайиқдан чиқиб, сув устида юриб, Исонинг олдига кетди. Аммо бир оз юргач, назарини Исодан узди ва кучли шамол эсаётганини, атрофда катта тўлқинлар борлигини пайқади. ![Frame 31-07](https://cdn.door43.org/obs/jpg/360px/obs-en-31-07.jpg) Бутрус қўрқиб кетди ва чўка бошлади. “Устоз, мени қутқар!” — деб бақирди. Исо шу заҳоти қўлини чўзиб, уни ушлаб олди. У Бутрусга шундай деди: “Имонинг шунчалар суст! Нега иккиланишни бошладинг?” ![Frame 31-08](https://cdn.door43.org/obs/jpg/360px/obs-en-31-08.jpg) Шундан сўнг Бутрус ва Исо қайиққа тушдилар, шамол дарҳол тўхтади, сув эса тинчланди. Шогирдлар жуда ҳайратландилар. Улар Исога сажда қилиб: “Сен ҳақиқатан ҳам Худонинг Ўғлисан!” — дедилар. _Муқаддас Китоб ҳикояси Матто Хушхабари 14:22-33, Марк Хушхабари 6:45-52 ва Юҳанно Хушхабари 6:16-21 дан олинган_